Аҳолининг атиги 4 фоизида жамғарма ёки муддатли депозит мавжуд — Марказий банк

26.08.2026 19:08

95

Марказий банк маълумотига кўра, катта ёшли аҳолининг 86 фоизи банк ҳисобварағига эга, аммо жамғарма ёки муддатли депозит ҳисобварағига эга бўлганлар улуши атиги 4 фоизни ташкил этади. Кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларида муддатли депозити борлари эса 2 фоиздан ҳам кам.

Фото: Bankers.uz

Аввал хабар берганимиздек, Марказий банк «Молиявий оммабоплик бўйича миллий индекслар» ҳисоботининг 2025 йил учун пилот нашрини эълон қилди.

Ҳужжатда Ўзбекистонда жамғарма маҳсулотлари учта ўлчов бўйича алоҳида баҳоланган: жамғарма маҳсулотларидан фойдаланиш имконияти 56 балл, улардан фойдаланиш даражаси 68 балл, сифат даражаси эса 53 балл. Омонатлар бўйича умумий баҳо 59 баллни ташкил қилган.

Ҳисоб-китобда жамғариш маҳсулотлари таркибига, асосан, пул маблағларини сақлаш ва жамғариш учун мўлжалланган муддатли ва жамғарма банк ҳисобварақлари — омонатлар киритилган. Талаб қилиб олингунча ҳисобварақлар асосан тўловлар ва ҳисоб-китобларни амалга оширишда ишлатилгани сабабли бу тоифага киритилмаган.

Нашрда изоҳланишича талаб қилиб олингунча ҳисобварақларнинг кенг тарқалгани баҳолаш натижасини асоссиз равишда оширмайди, жамғарма маҳсулотларидан фойдаланиш эса тўлов фаоллигидан алоҳида ҳисобга олинади. Шу сабабли 4 фоизлик кўрсаткич банк ҳисобварағига эга аҳоли улуши эмас, айнан жамғаришга мўлжалланган маҳсулотлардан фойдаланиш даражасини акс эттиради.

Аҳолида жамғарма маҳсулотлари бўйича фойдаланиш имконияти 56 балл билан баҳоланиб, аҳоли индексидаги учта маҳсулот (тўлов хизматлари, кредит ва жамғарама) орасида энг паст натижани қайд этди. Таққослаш учун: тўлов хизматлари бўйича бу кўрсаткич 69, кредит маҳсулотлари бўйича 64 баллни ташкил қилган.

Шу билан бирга, айни жамғарма маҳсулоти бўйича фойдаланиш даражаси 68 балл билан энг юқори натижани кўрсатан. 2025 йил якунларига кўра, депозит ҳисобварақларининг 66 фоизи фаол тоифага кирган — улар бўйича сўнгги 12 ой давомида учтадан ортиқ операция амалга оширилган.

Бошқача айтганда жамғарма маҳсулотлари билан қамров нисбатан чекланган бўлса-да, ушбу маҳсулотларга эга мижозлар орасида улардан амалда фойдаланиш даражаси (фаооллиги) анча юқори.

Ҳисоботда кейинги босқичдаги асосий вазифа ҳисобварақдан асосан маблағни қабул қилиш ва сарфлаш воситаси сифатида фойдаланишдан мунтазам жамғариш амалиётига ўтиш сифатида белгиланган.

Жамғарма маҳсулотларининг сифат даражаси 53 балл билан баҳоланган — бу кўрсаткич бўйича қолган маҳсулотлардан ўртача 20 баллга паст натижа (тўлов хизматлари сифати 74, кредит маҳсулотлари сифати 71 балл олган).

Якуний баҳога, асосан, жисмоний шахсларнинг янги муддатли депозитлари бўйича йиллик ўртача тортилган фоиз ставкаси ҳамда депозит хизматлари юзасидан шикоятлар даражасининг пастлиги таъсир кўрсатган. Ҳужжатда жамғарма маҳсулотларининг сифати маблағларни жойлаштириш шартлари, маҳсулотларнинг даромадлилиги ҳамда омонатчилар манфаатларини ҳимоя қилишга оид кўрсаткичлар орқали баҳоланиши қайд этилган.

Хулосага кўра, жамғарма маҳсулотлари сифати бўйича нисбатан паст натижа ушбу маҳсулотларнинг амалдаги шартлари аҳолининг турли эҳтиёжларига ҳали тўлиқ мос келмаётганини кўрсатади.

Жамғарма маҳсулотлари аёллар кўрсаткичи мамлакат бўйича ўртачадан юқори бўлиб чиққан ҳисоботдаги ягона йўналишдир: аёлларнинг 6 фоизида жамғарма ёки муддатли ҳисобварақ мавжуд, умумий кўрсаткич эса 4 фоизни ташкил этади.

Манба: Марказий банк

Ҳудудий кесимда манзара тескари. Қишлоқ аҳолисининг атиги 1 фоизи жамғарма ёки муддатли ҳисобварағига эга — бу мамлакат бўйича қайд этилган 4 фоизлик кўрсаткичнинг қарийб тўртдан бирига тенг.

Манба: Марказий банк

Марказий банк ушбу тафовутни қишлоқ ҳудудларида молиявий тизимга базавий кириш билан бир қаторда, жамғаришга йўналтирилган молиявий маҳсулотлардан фойдаланиш имкониятлари ҳам сезиларли даражада чеклангани билан изоҳлаган.

Кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари учун жамғарма маҳсулотларидан фойдаланиш имконияти 44 балл билан баҳоланган (шу сегментда кредит маҳсулотлари бўйича кўрсаткич 50, тўлов хизматлари бўйича 19 балл эди).

Манба: Марказий банк

Тадбиркорлик субъектларининг қарийб 72 фоизи асосий банк ҳисобварағига эга, жамғарма ёки муддатли депозит ҳисобварағига эга бўлганлар улуши эса 2 фоиздан ҳам камни ташкил қилган.

Ҳужжатда бу нисбатни аҳоли кўрсаткичлари билан бир хил мазмунда талқин қилиш тўғри бўлмаслиги алоҳида қайд этилган. Бизнесда муддатли депозитларнинг паст улуши жамғаришга мойиллик сустлигини ўз-ўзидан англатмайди: корхоналар хомашё хариди, иш ҳақи ва солиқларни тўлаш ҳамда жорий фаолиятни молиялаштириш учун маблағлардан доимий ва тезкор фойдаланишга эҳтиёж сезади. Маблағларни узоқ муддатга жойлаштириш корхонанинг кундалик молиявий операцияларини бошқариш имкониятини чеклаши мумкин.

Бизнесда жамғарма маҳсулотларининг сифат даражаси 50 балл билан баҳоланиб, кредит маҳсулотлари бўйича қайд этилган 41 баллдан юқори натижани кўрсатган. Бунга кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг янги муддатли депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкасининг қарийб 17,4 фоизни, қишлоқ ҳудудларидаги тадбиркорлик субъектлари бўйича эса 16,6 фоизни ташкил этгани таъсир кўрсатган. Ҳужжатда бу кўрсаткичлар бизнеснинг вақтинча бўш маблағларини депозитларга жойлаштириши учун муайян даромадлилик шароитлари шаклланганини кўрсатиши, аммо маҳсулотларнинг фойдаланиш шартлари ва мослашувчанлигини баҳолаш имконини бермаслиги қайд этилган.

Хулоса қилиб айтганда, аҳоли бўйича хулоса қисмида расмий жамғариш амалиётини кенгайтириш устувор йўналиш сифатида кўрсатилган. Кичик миқдордаги маблағларни мунтазам жамғариш имконини берадиган, содда, мослашувчан, қулай тўлдириладиган ва ечиладиган маҳсулотларни ривожлантириш зарурлиги қайд этилган.

Кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектлари бўйича айланма маблағлардан фойдаланиш имкониятини чекламаган ҳолда вақтинча бўш маблағларга даромад олиш имконини берадиган мослашувчан маҳсулотларни ривожлантириш таклиф этилган.

Теглар:

#омонат#жамғарма#молиявий_саводхонлик#молиявий_оммабоплик

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган