"Кредитга тақиқ" хизматидан фойдаланганлар сони 2,5 млн нафардан ошди

13.07.2026 07:27

80

Жисмоний шахсларга уларнинг хабардорлигисиз кредит расмийлаштирилишининг олдини олиш учун “Кредитга тақиқ” хизматидан фойдаланганлар сони 2,5 млн нафардан ошди. Кредит олишни тақиқлаганларнинг 58 фоизини эркаклар, 42 фоизини аёллар ташкил қилмоқда.

Фото: Bankers.uz

Ўзбекистонда ўз-ўзига кредит беришни тақиқлаган аҳоли сони 2,5 млндан ошди. Бу ҳақда Кредит-ахборот таҳлилий маркази (КАТМ) кредит бюроси матбуот хизмати маълум қилди.

2026 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, мамлакатда “Кредитга тақиқ” хизматига уланган жисмоний шахслар 2 млн 574 минг 26 нафарни ташкил этди. Гендер кўрсаткичи бўйича уларнинг асосий қисми — 58% ини (1 млн 497 минг 389) эркаклар ташкил этади, қолган 1 млн 76 минг 637 нафари эса аёллардир.

Фото: КАТМ

Ёш кесимида ўз-ўзига кредит битимини тузишга тақиқ қўйишдан энг кўп 26−35 ёшдаги фуқаролар фойдаланади — улар барча фойдаланувчиларнинг 30%ини ташкил қилади.

Кейинги ўринларда 26 ёшгача бўлганлар 25%, 36−45 ёшдагилар эса 24% билан турибди. Шу билан бирга, 46−55 ёш оралиғидагилар 12% га, 56 ёшдан юқори аҳоли сони эса атиги 9% га тўғри келади.

2025 йилнинг 6 июнидан бошлаб Ўзбекистонда ўз-ўзига кредит беришни тақиқлаш хизмати ишга тушди. Ундан Кредит-ахборот таҳлилий маркази кредит бюроси сайтидан бепул фойдаланиш мумкин.

Хизматдан қандай фойдаланиш мумкин?

Фойдаланувчилар “Кредитга тақиқ” хизматидан онлайн ва офлайн шаклда мустақил равишда фойдаланиб, уни ёқиш ёки ўчириш имкониятига эга:

  1. “КАТМ” мобил иловаси орқали – “Оммабоп хизматлар” бўлимидан “Кредитга тақиқ” хизмати танланади
  2. Кредит бюросининг веб-сайтида шахсий кабинет бўлимидан. Call-марказ: (+998) 712034747, @katm_uz
  3. Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) ва унинг мобил иловаси орқали "Кредит битимини тузишга тақиқ қўйиш ёки тақиқни олиб ташлаш саҳифасидан фойдаланиш мумкин.
  4. Ўзбекистон ҳудудида жойлашган барча Давлат хизматлари марказлари орқали ҳам фаоллаштириш ёки ўчириш имконияти мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, жисмоний шахслар учун ўз маълумотларини кредит битими тузиши тақиқланган шахслар реестрига киритиш хизмати 2025 йил 6 июндан бошлаб ишга тушганди. У орқали шахс кредит битими тузиши тақиқланган шахслар реестрига киритилиши ёки реестрдан чиқарилиши мумкин.

Бундай чора 2025 йил 4 март куни Президент томонидан имзоланган қонун доирасида жорий этилган бўлиб, у одамларга ўзининг хабарисиз кредитлар расмийлаштирилиши ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.


Теглар:

#кредит#кредитга_тақиқ\#катм

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган