Айрим иловалар картага пул юборишда ўтказма мақсадини сўрай бошлади

03.03.2026 12:27

139

Ўзбекистонда айрим банк ва тўлов иловаларида p2p ўтказмаларини амалга оширишда “ўтказма мақсади”ни танлаш мажбурий тарзда киритилди. Марказий банк вазиятга изоҳ бериб, бу "техник характерга эгалиги" ва "мобил иловаларнинг функционалини ошириш" учун қилинганини, шунингдек, "маълумотлар бошқа идораларга берилмаслиги"ни айтган.

Фото: Bankers.uz

P2P ўтказмаларида “ўтказма мақсади”ни танлаш мажбурий қилиб белгиланмоқда. Бир нечта мобил иловалар аллақачон фойдаланувчилар учун карталар ўртасида пул ўтказмаларининг мақсадини кўрсатиш талабини жорий этди (Uzum Bank, xazna).

Фотоскриншот: Uzum Bank ва xazna иловалари.

Фойдаланувчи пул жўнатишда 16 та банддан бирини танлаши керак бўлади:

  • товарлар ёки савдо учун тўлаш;
  • озиқ-овқат ва овқатланиш харажатлари;
  • қарзни қайтариш;
  • пул ёрдами;
  • оиласига ёки қариндошларига ўтказиш;
  • совға;
  • етказиб бериш учун тўлов;
  • ижара ҳақини тўлаш;
  • коммунал тўловлар;
  • сафар харажатлари;
  • таълим харажатлари;
  • тиббий харажатлар;
  • хайрия бадали;
  • "миннатдорчилик учун" тўлови (чой пули);
  • ўйин-кулги харажатлари;
  • инвестиция ўтказмалари.

Транзакцияни амалга ошириш учун санаб ўтилган мақсадлардан бирини танлаш мажбурийдир.

Телеграмдаги "Банк ва мижоз" каналининг маълум қилишича, ушбу амалиёт Марказий банк талаби бўлиб, регулятор банклар ва тўлов ташкилотларига мобил иловалар орқали ўтказмалар амалга оширилганда "ўтказма мақсадини кўрсатиш" бўйича кўрсатма юборган.

Марказий банк юборган хатдан скриншот / Telegram - "Банк ва мижоз"

Марказий банк матбуот хизмати Газета нашрига маълум қилишича, банклар ва тўлов ташкилотлари "рақамли хизматларни ривожлантириш" доирасида мобил иловаларининг функцияларини босқичма-босқич янгилашлари, жумладан, ўтказмалар учун аниқлаштирувчи параметрларни жорий этишлари мумкин.

Регулятор ўзгаришлар техник хусусиятга эга эканлигини ва хизмат кўрсатиш фаолиятини яхшилаш ва транзакцияларни тўғри қайта ишлашни таъминлашга қаратилганлигини таъкидлаган. Баёнотда айтилишича, ҳар бир молия муассасаси ўз иловасининг архитектурасини ҳисобга олган ҳолда янгиланишлар формати ва кўламини мустақил равишда белгилайди.

Марказий банк фойдаланувчи томонидан тақдим этилган маълумотлар фақат мобил илова ичида қайта ишланишини ва учинчи томон ташкилотларига ўтказилмаслигини таъкидлаган. Шунингдек, фойдаланувчиларга ўтказмани тасдиқлашдан олдин тафсилотларни диққат билан текшириш, тасдиқлаш кодларини учинчи шахслар билан баҳам кўрмаслик ва хабардор молиявий қарорлар қабул қилиш тавсия этилган.

Регулятор ўзгаришлар одатий транзакция жараёнига таъсир қилмаслигини ва мижозлар учун қўшимча чекловлар киритмаслигини билдирган.

Марказий банк "мобил иловалар функционалини такомиллаштириш бўйича тавсиялар"га ишора қилган, бироқ молия ташкилотларига МБ томонидан бундай топшириқ берилгани ёки йўқлиги ҳақида аниқ изоҳ бермаган.

Эслатиб ўтамиз, Марказий банк яқинда 2025 йил давомида Ўзбекистонда амалга оширилган карталараро ўтказмаларнинг таҳлилини эълон қилган эди.

Теглар:

#p2p#пул ўтказмалари

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган