Fitch Ratings TBC Bank Uzbekistan рейтинг прогнозини ўзгартирди

02.12.2025 14:16

143

Fitch Ratings халқаро агентлиги TBC Bank Uzbekistan бўйича прогнозини қайтадан "барқарор"га ўзгартирди. Жорий йил сентябрь ойида агентлик банк бўйича прогнозини "барқарор"дан "салбий"га туширган эди.

Фото: TBC Bank Uzbekistan

Fitch Ratings халқаро агентлиги TBC Bank Uzbekistan рейтинги бўйича прогнозни "салбий"дан "барқарор"га ўзгартирди. Банкнинг хорижий ва миллий валютадаги узоқ муддатли рейтинглари "BB-" даражасида тасдиқланди.

Жорий йилнинг сентябрь ойида TBC Bank Uzbekistan учун Fitch Ratings агентлиги узоқ муддатли рейтингни ‘BB-’ даражада ўзгаришсиз қолдирган, бироқ рейтинг прогнозини "барқарор"дан "салбий"га пасайтирганди.

TBC Bank Uzbekistan рейтингининг яхшиланиши Грузиянинг асосий банки — TBC Bank АЖ бўйича прогнозлар “BB” даражасида, "барқарор" деб тасдиқлангани билан боғлиқ.

Агентликнинг қайд этишича, TBC Uzbekistan рейтинглари Ўзбекистондаги банкка эгалик қилувчи TBC Bank Group PLC томонидан мумкин бўлган қўллаб-қувватлашга таянади. Ўзбекистон бўлинмасининг гуруҳдаги ҳиссаси ҳозирча ўртача, аммо ўсишда давом этмоқда. Бундан ташқари, қўллаб-қувватлаш катта харажатларни талаб қилмайди, чунки TBC Uzbekistan активлари бутун гуруҳ активларининг тахминан 6 фоизини ташкил этади.

Fitch агар TBC бош банкининг рейтинги пасайса ёки Ўзбекистон банкининг гуруҳдаги роли заифлашса, рейтинг пасайиши мумкинлигини айтган. Бироқ агентлик бундай сценарийни эҳтимолдан йироқ деб ҳисоблаган. Агар TBC рейтинглари яхшиланса ёки гуруҳ учун TBC Uzbekistan қиймати ошса, рейтингни ошириш мумкин. Лекин бу ҳолат яқин орада содир бўлиши кутилмаяпти, дейилган ҳисоботда.

Банкнинг қисқа муддатли рейтинги "B" даражасида тасдиқланган, бу унинг узоқ муддатли "BB-" даражасига мос келади. ESG омиллари бўйича банк "3" баҳога эга бўлган.

Теглар:

#TBC_bank#fitch

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган