Июн ойидан бошлаб жорий этилган ихтиёрий кредит чеклови тизимидан атиги икки ой ичида 73 мингдан ортиқ фуқаро фойдаланган. Бу ҳақда Spot.uz интернет нашри Кредит-ахборот таҳлилий маркази(КАТМ)га таяниб хабар қилди.
Жисмоний шахслар эндиликда ўз хоҳишларига кўра банклар ва микромолия ташкилотларидан кредит олиш имкониятини вақтинча тўхтатиб қўйишлари мумкин. Ушбу хизмат бепул тақдим этилади ва My.gov.uz орқали ёки КАТМ вебсайти орқали фаоллаштирилади.
Нега бу муҳим?
Сўнгги йилларда фирибгарлик йўли билан кредит расмийлаштириш ҳолатлари ортиб бормоқда. Статистика шуни кўрсатадики, 2021-йилдан 2024-йилга қадар мамлакатда кибержиноятлар сони 68 баравар ошган, уларнинг иқтисодий зарари эса 1,9 триллион сўмдан ошган. Очиқ маълумотларга кўра, 2023-йилда 2790 нафар фуқаронинг номига уларнинг хабардорлигисиз 19 миллиард сўмлик кредитлар берилган, жорий йилнинг саккиз ойида эса 874 нафар жисмоний шахс жабрланиб, уларга 36,6 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Шу сабабли Кредит-ахборот таҳлилий маркази томонидан жорий этилган “кредитдан ўз ихтиёри билан воз кечиш” механизми фуқарони ўз розилигисиз кредит расмийлаштирилишидан ҳимоя қилишга қаратилган.
Тизим қандай ишлайди?
Фуқаро ўзига кредит тақиқловини қўяди (муддат кўрсатилмайди — бу чеклов фаоллаштирилгунга қадар амал қилади). Банк ёки микромолия ташкилоти мижозга кредит тақдим этишдан олдин Кредит-ахборот таҳлилий марказидаги реестрни текшириши шарт. Агар ушбу реестрда кредит тақиқи мавжуд бўлса, молиявий ташкилот кредит беришга ҳақли эмас. Акс ҳолда, барча жавобгарлик уларнинг зиммасига юкланади. Мазкур механизм кредит сиёсатини шаффофлаштириш, мижозларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва молиявий соҳада ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилади.