2025 йил 17 июнь куни Тошкент шаҳрида “Smart bank” АЖ акциядорларининг йиллик умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда кўтарилган муҳим масалалардан бири — банкнинг номи ва реквизитларини ўзгартириш бўлди.
Акциядорлар қарорига мувофиқ, энди “Smart bank” акциядорлик жамияти ўз фаолиятини “Open bank” акциядорлик жамияти номи остида давом эттиради. Банкнинг янги манзили ҳам белгиланди: Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Шаҳрисабз кўчаси, 2-уй. Электрон почта ва веб-сайт ҳам янгиланади — office@openbank.uz ва www.openbank.uz.
Ушбу ўзгаришлар акциядорлар йиғилиши баённомасида расман тасдиқланди ва банк бошқарувига ўзгаришлар юзасидан барча ҳужжатлар ва иш жараёнларини мослаштириш вазифаси юклатилди. Банк устави ҳамда ривожланиш стратегияси янги таҳрирда тасдиқланди.
Банк раҳбарияти ушбу ўзгаришлар банкнинг замонавий ривожланиш стратегиясига, шаффофлик ва очиқлик принципларига мувофиқ амалга оширилаётганини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабрь ойида банк фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олган "Smart bank" АЖнинг асосий акциядори 2025 йил бошида ўзгарган эди. Ўшанда тўлов хизмати кўрсатувчи "Future Open Technology Group" АЖ Smartbankнинг 90,2 фоизлик акциялар пакетини 451 млрд сўм эвазига сотиб олганди.
Банк сайтидаги ҳамда Статистика агентлиги очиқ маълумотларига кўра, "Smart bank" АЖ акциялари пакетига "Future open technology group" АЖ (85,07 фоиз), Комилхўжа Султонов (10 фоиз) ҳамда Зафар Адилов (4,93 фоиз)лар эгалик қилади.
Мобил иловалар дўконларида "Openbank.uz" номли илова ҳам пайдо бўлган ва илова эгаси "Future open technology group" кўрсатилган.
Скриншот: AppStore/Web
"Банк фаолиятига рухсат бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги низом" (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2020 йил 30 июнда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3252)нинг V бўлим, VI бобига кўра, Банкни қайта номлаш учун акциядорлар умумий йиғилишида номни ўзгартириш ва уставга тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисида қарор қабул қилиниши шарт. Қарор қабул қилинганидан сўнг, банк 30 кун ичида Марказий банкка зарур ҳужжатларни тақдим этади ва ном ўзгариши расман рўйхатдан ўтказилиб, янги ном билан лицензия берилади.
Банкнинг янги номи кучга кирганидан кейин, банк бу ҳақда расмий веб-сайтида маълумот жойлаштириши, Марказий банк эса ўз сайтида эълон қилиши талаб этилади.