Ўтган йил давомида Марказий банкка 11 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган

06.03.2025 12:06

268

2024 йилда Марказий банк тизимига юридик ва жисмоний шахслардан жами 11 016 та мурожаат келиб тушган. Бу олдинги йилга нисбатан 6 фоизга камроқдир. Мурожаатларнинг 97,5 фоизидаги масалалар хал қилинган, 2,2 фоизи эса тегишлилиги бўйича бошқа ташкилот ва идораларга юборилган.

Фото: Review.uz

2024 йилда Марказий банк тизимига жами 11 016 та мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Марказий банк бошқарма бошлиғи Санжар Қаршибоев маълум қилди.

Мурожаатларнинг 18 фоизи Президент виртуал қабулхонаси, 8 фоизи Марказий банк электрон почтаси, 40 фоизи Марказий банкка тўғридан-тўғри ва бошқа вазирлик, идоралар орқали келиб тушган ёзма мурожаатлар, 4 фоизи “ишонч телефони” орқали ҳамда 30 фоизи қабуллар давомида келиб тушган.

Йил давомида жисмоний ва юридик шахслардан келган мурожаатларнинг 10 745 тасига ёки 97,5 фоизига белгиланган тартибда жавоб хатлари юборилиб, тегишли тушунтиришлар берилган ва ижобий ҳал қилинган, 239 та ёки 2,2 фоиз мурожаат тегишлилиги бўйича кўриб чиқиш учун бошқа вазирлик ва идораларга юборилган.

2024 йил мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги 56 та шаҳар ва туманларда ташкил этилган сайёр қабулларда жами 1000 дан ортиқ тадбиркорлар, омонатчилар ва фуқаролар билан учрашилган. Қабуллар давомида 961 та имтиёзли кредит ва банкка оид бошқа масалаларда мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 741 таси (77,1%) ижобий ҳал қилинган (179 млрд сўм миқдорида кредитлар ажратилган), 219 тасига тегишли тушунтиришлар берилган, 1 таси тегишлилиги бўйича бошқа идорага юборилган.

Қайд этилишича, Марказий банк тизимига келган мурожаатлар ўтган йилга нисбатан 6 фоизга камайган. Бу кредитлашда бозор механизмларига босқичма-босқич ўтилиши, мазкур йўналишда мурожаатлар сонининг янада камайишига ва кредитлар самарадорлигининг ортишига хизмат қилди, дейилган брифингда.

Шу билан бирга, охирги вақтларда фуқароларни алдашда фирибгарлар томонидан зарарли дастурлардан фойданган ҳолда рақамли технологиялар тақдим этадиган анонимлик ва масофадан мобил қурилмага уланиш имконияти орқали ҳамда фуқароларда онлайн банк хизматларидан фойдаланиш бўйича кўникмалари етарли эмаслиги натижасида фирибгарлар томонидан фуқаролар номига кредитлар расмийлаштириш ва банк пластик карталаридаги маблағларни ўғирлаш ҳолатлари баён этилган мурожаатлар келиб тушайтгани қайд этилган.

Маълумот учун, Марказий банкда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тезкорлик билан кўриб чиқиш учун кўп каналли ягона “Ишонч телефони” ташкил этилган. “Ишонч телефони” орқали мурожаатлар иш кунлари давомида 9:00 дан 18:00 гача масъул ходимлар томонидан қабул қилинади, иш вақтларидан ташқари, байрам ва дам олиш кунлари эса овозли мурожаатлар юбориш мумкин.

Теглар:

#Марказий_банк#мурожаат

Улашиш:

Ellipsis Сўнгги янгиликлар

Ellipsis Энг кўп ўқилаётган